Ассалому алайкум, ҳурматли форум иштирокчилари!
Азиз ўқитувчилар, фидоий устозлар ва меҳнат фахрийлари!
Муҳтарам Президентимиз томонидан халқ таълими тизимига ҳамда соҳа вакилларига жуда катта эътибор қаратилиб келинмоқда. Буни барчамиз қалбан ҳис қилиб турибмиз. Ўқитувчининг жамиятдаги мавқеини чин маънода юксалтириш, уларга давлат ва жамият олдидаги хизматларига мутаносиб равишда енгилликлар яратиш, ижтимоий муҳофазасини кучайтириш, мактаб ишига четдан аралашишларга тўсиқ қўйиш, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш тизими шакллантирилмоқда. Бунга жавобан шарафли касб эгаларининг ўз устида тизимли ишлаши, миллат эртаси учун жон куйдириши, мамлакат тараққиётига дахлдорлик ҳисси ҳам кучайиб бораётганини соҳадаги ўзгариш ва ўсишлар кўрсатиб турибди.
Бу ҳақда фикр юритар эканмиз, улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг: “Авлодларингизга фақат бугуннинг эмас, келгуси замоннинг илмини ўргатинг”, деган сўзлари беихтиёр ёдимизга тушади. Бугуннинг ёшлари жуда билимдон, талабчан, қадамни катта оладиган авлод бўлиб етишмоқда.
Туманимиз халқ таълими соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси ўз мевасини кўрсатаётганини қуйидаги фактлар ҳам исботлайди.
Жумладан: 18-давлат иқтисослаштирилган умумтаълим мактаби битирувчиси Одилова Нозима кимё фанидан ўтказилган халқаро олимпиадасида қатнашиб натижаларига кўра давлат гранти асосида республикамизнинг олий таълим муассасаларига, 11-рус синф битирувчилари Шодибоева Мадина, Шодибоев Амирхон, Равшанов Жасурлар грант асосида муддатидан олдин Британия миллий университетига, 34-мактаб 11-синф битирувчиси Темиров Нуриддинжон Носир ўғли муддатидан олдин 12 та олий таълим муассасасига, 6-мактаб 11-синф битирувчиси Холов Умиджон Бўрибой ўғли муддатдан олдин “Japan Digital Universiti” олийгоҳига талабалари бўлишди.
Сурхандарё вилояти Термиз шаҳрида ўтказилган спортнинг кураш тури бўйича Республика очиқ чемпионатида тумандаги 22-мактаб ўқувчиси Жаҳонгиров Диёрбек 77 кг вазни бўйича фахрли 2-ўринни эгаллаб республика миллий терма жамоаси аъзосига аъланди ҳамда жорий йил август ойида Россия Федерациясининг пойтахти Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди, жорий йил апрел ойида “Умид ниҳоллари” телевизион спорт ўйинларининг вилоят босқичида туманимиздаги 34-мактаб жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллаб республика босқичига йўлланмани қўлга киритишди, фан олимпиадасининг вилоят босқичининг тожик тили ва адабиёти, ўзбек тили ва адабиёти (Давлат тили), француз тили фанларидан 5-нафар ўқувчиларимиз фахрли ўринларни эгаллаб республика босқичида туманимиз, вилоятимиз шаънини муносиб ҳимоя қилишди. Натижада Самарқанд шаҳрида ўтказилган фан олимпиадалари республика босқичида 21-мактаб ўқувчилари Шакаров Жавохир 2-ўрин, Раззоқова Ноила 3-ўринни қўлга киритганлиги албатта қувонарли ҳолатдир. Қолаверса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги таррақиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6108-сонли фармонига асосан республика, вилоят, туманда рейтинги юқори бўлган мактабларда фаолият юритаётган 14 нафар ўқитувчиларга жорий йилда туман касаба уюшмаси томонидан бепул йўлланмалар берилиб, республикамизни турли сиҳатгоҳларида дам олиб қайтдилар, 2022 йил охиригача яна 14 нафар ўқитувчиларга сиҳатгоҳларда дам олиб келишлари режалаштирилган.
Ҳурматли зиёкорлар!
Маърифат дарғалари!
Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан янгича формат, янгиланган мазмунда ташкиллаштирилаётган бугунги Устозлар Миллий форумида Сизлар билан янги Миллий дастур асосида дарс ўтиш, янгича дарс услубларидан фойдаланиш, янги авлод дарсликларини татбиқ этиш сингари зарурий билим ва кўникмаларга эга бўламиз, деб ўйлайман.
Давлатимиз раҳбари таълим сифатини ошириш мақсадида, аввало, ўқув дастурлари, ўқитувчилар учун методик қўлланмаларни илғор халқаро мезонларга мослаштириш ташаббусини илгари сурди. Болаларнинг таҳлилий ва креатив фикрлаш қобилиятини ривожлантириш учун уларга сермазмун ва тушунарли дарсликлар яратиш зарурлигини уқтириб ўтди. Бу борада бошланғич синфларда таълим стандарти ўрнига илғор хорижий тажриба асосида, болага ортиқча юклама бермайдиган “Миллий ўқув дастури” жорий этилади. Мамлакатнинг барча ҳудудларида таълим сифатини бир хилда юқори бўлишини таъминлаш мақсадида алоҳида дастур амалга ошириляпти. Жумладан, бошқа тумандаги олис мактабга бориб, дарс берадиган ўқитувчилар ойлигига 50 фоиз, бошқа вилоятга бориб ишласа – 100 фоиз устама тўланмоқда. Бу, ўз навбатида ўқитувчилар меҳнатини қадрлаш, уларга ҳаётий стимул бериш кўрсаткичини оширмоқда.
Жорий йилнинг 28 январь куни юртбошимиз раислигида ўтказилган видеоселекторда мактаб таълимини комплекс ривожлантириш ва ислоҳ қилишга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Бу эса барча даражадаги раҳбарлардан тортиб ўқитувчиларгача таълимга бўлган ёндашувни ўзгартириши лозимлигини англатди. Беш йиллик янги Тараққиёт стратегиясини амалга ошириш, улкан марраларга эришишда мактабда замонавий билимларни эгаллаган, рақобатбардош ёшларнинг роли муҳимлигини давлат раҳбари алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу борада жамиятга сифатли таълим тизими, барча шароитларга эга мактаблар ва уларда малакали педагог кадрлар, лидерлик қобилиятига эга мактаб директорлари кераклиги қайд этиб ўтилди.
Мазкур ташаббусдан келиб чиқиб, туманимизда фаолият олиб бораётган 2 мингга яқин ўқитувчилар зиммасига ҳам улкан масъулият юки тушишини ҳис этдик ва бугун мактабларни замонавий қиёфага келтириш, моддий-техник базасини жаҳон стандартлари асосида шакллантириш, ўқитувчи мавқеини юксалтириш борасида Кенгашлар тузилди. Уларнинг асосий вазифалари қаторига халқ таълими соҳасини комплекс ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқиш, амалга оширилишини назорат қилиш киритилган.
“Мактаб–бу ҳаёт-мамот масаласи, келажак масаласи. Уни давлат, ҳукумат ва ҳокимларнинг ўзи ҳал қилолмайди. Бу бутун жамиятнинг иши, бурчига айланиши керак!", деган эди юртбошимиз Шавкат Мирзиёев. Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонига мувофиқ, Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланган. Унда 48 та мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича аниқ механизмлар белгилаб берилган. Масалан, 2030 йилга бориб ўқувчилар билимини баҳолаш бўйича PISA халқаро дастури рейтингида Ўзбекистоннинг жаҳондаги етакчи 30 та мамлакат қаторидан жой эгаллаши мақсад қилиб қўйилган.
Ўйлайманки, халқ таълимини ривожлантириш, ўқувчиларимизни замонавий, фундаментал билимлар билан қуроллантиришда Сизларда билим, иштиёқ, куч-қувват ва фидоийлик етарли. Ёрқин ва фаровон келажакни бирга қуришда барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий хотиржамлик тилайман.
соғ ва омон бўлинг, азиз устоз ва ўқитувчилар!
Эътиборингиз учун рахмат!