Ассалому алайкум азиз тумандошлар,
Қадрли устоз ва мураббийлар!
1 октябрь-"Ўқитувчи ва мураббийлар куни" муносабат билан, аввало Сизларни, Сизлар орқали ўзининг илму салоҳиятини, куч-ғайратини ёш авлодга таълим-тарбия беришдек, шарафли ва масъулиятли ишга бағишлаб келаётган барча устоз ва мураббийларни самимий муборакбод этишдан бахтиёрман.
Сўнги йилларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида маънавиятимиз сарчашмалари буюк аждодларимизни юксак маънавият, тенгсиз илм-маърифат эгалари сифатида тарбиялаб, таълим берган, бугун эса эзгу ишларимиз давомчиларини тарбиялаб келаётган машаққатли касб соҳиблари азиз устоз ва мураббийларимизни фидокорона меҳнатлари тобора қадр топиб келмоқда.
Муҳтарам Президентимизнинг "Ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини муносиб қадрлаш учун давлатимиз ва жамиятимиз бор куч ва имкониятларини сафарбар этаверади", деган пурмаъно фикрларининг замирида ҳам устозларнинг жамиятда алоҳида ўрни борлигини эътироф этилганлигининг шоҳиди бўлмоқдамиз.
Халқ таълими тизимида амалга ошириладиган ислоҳотлар ва устувор вазифалардан келиб чиқиб, таълим тизимини тубдан такомиллаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш, ўқитувчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш, ўқувчи-ёшларни ватанпарварлик, фаол фуқаролик туйғуси, қонунларга ҳурмат руҳида, зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши тура оладиган, ҳаётга бўлган қатъий ишонч ва қарашларга эга қилиб тарбиялаш, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини янада ривожлантириш борасидаги вазифаларга Ҳукуматимиз томонидан бугунги кунда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган биринчи галдаги устивор масала сифатида қаралаётганлиги ҳам бежиз эмас албаттда.
Хабарларингиз бор, сўнги йилларда ўқитувчи мақоми тобора юксалиб, янгича мазмун касб этмоқда. Педагогларнинг қулай шароитларда меҳнат қилиб, хизматлари муносиб рағбат топишига алоҳида эътибор қаратиляпти.
Ушбу сўзларимизнинг мисоли сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўқитувчи ва мураббий куни муносабати билан таълим тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони билан тумандошимиз, 6 умумтаълим мактабининг она-тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Халилова Моҳира Қодировнанининг давлатимизнинг юксак “Меҳнат шухрат” ордени билан тақдирланганлиги барчамизда ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотади.
Шуни мамнуният билан эътироф этиш лозимки, мустақил Ўзбекистонимизда эртанги кунимиз эгаларини тарбиялаш ва камолга етказиш, устоз-мураббийлар меҳнатини юксак қадрлаш йўлида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар, қабул қилинаётган муҳим дастур ва қарорлар, энг чекка ва олис ҳудудларимизда қад ростлаётган замонавий таълим муассасалари бугун барчамизни, айниқса, Сиз азиз устозларимизни беҳад қувонтирмоқда ва янгидан-янги марраларни забт этишга ундамоқда.
Қадрли устозлар!
Юртбошимиз томонидан Сиз азизларга билдирилаётган катта ишончни, ҳукуматимиз томонидан яратиб берилаётган кенг имкониятларни фақатгина ёш авлодларимизни мустаҳкам билим эгаллаб мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшадиган инсонлар этиб тарбиялашдек олийжаноб меҳнатларингиз орқали оқлаётганлигингиз таҳсинга сазовордир.
Сизларга мустаҳкам соғлик, бахту саодат, Ватанимиз равнақи ва халқимиз фаровонлигини ошириш, эзгу орзу ниятларимизнинг давомчилар бўлган ёш авлодларга таълим-тарбия бериш йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятларингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Касб байрамларингиз муборак бўлсин азиз устозлар.