Ассалому-алайкум, ҳурматли Нуроталиклар.
Нурота тумани узоқ тарихга эга қадимий ва навқирон шаҳар ҳисобланади.
Бугун, 29 сентябр Нурота тумани ташкил топган кун бўлиб, 1930 йил 17 августдан Самарканд вилояти, 1982 йилдан Навоий вилояти, 1988 йилдан Самарканд вилояти ва ниҳоят, 1992 йил март ойидан яна Навоий вилояти таркибига киритилган.
Нурота тумани узоқ тарихга эга қадимий ва навқирон шаҳар ҳисобланади. Минг йиллик тарих саҳифаларига Нур шаҳри номи билан муҳрланган Нурота ватанимизнинг қадим шаҳарларидан биридир. Бу заминда номлари жаҳонга машҳур олиму-фозиллар, азиз авлиёлар, саҳобалар, пиру-муршидлар яшаб ўтган.
Ғорлар, қўнимгоҳлар, қоя тошларда битилган суратлар, муқаддас қадамжолар, зиёратгоҳлар бой тарихий маданий мерос обьектлари жой олган.
Ватанимизнинг ажралмас қисми ҳисобланган Нурота воҳаси тарихий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ривожланиши, унинг ўзига хос хусусиятларини ўрганиш борасида бир қанча изланишлар амалга оширилган. Уларнинг таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак қадимдан бу ҳудуд билан боғлиқ воқеа ва ҳодисалар тарихчи олимлар томонидан тилга олиниб, улар ҳақида таьрифу-тавсифини келтиришган.
Наршахийнинг “Бухоро тарихи”, Ҳофиз Таниш ал-Бухорийнинг “Абдулланома”, Ибн Хавқалнинг “Китоб сурат ал-ард”(Моварауннаҳр) номли, “Ҳудуд-ул олам”, Абдулкарим ас-Самонийнинг “Ал-ансоб”номли , Ҳасанхўжа Нисорийнинг “Музаккири -аҳбоб” каби тарихий манбаларда нур шаҳри ҳақида сўз юритилган.
Нуротада Темур ва темурийлар даврида “Буюк ипак йўли”нинг маҳаллий тармоғи марказий йўл билан бевосита боғланган. Нурота тўғрисида Наршахий қуйидагича ёзган. “Нур катта жой, унда масжиду жомеь бор, у кўпгина работларга эга”.
Нуротага бугунда зиёрат қилиш учун нафақат Республикамизнинг вилоятларидан, балки чет эллик зиёратчиларнинг ташрифини алоҳида эьтироф этиш жоиздир.
Азиз ҳамшаҳарлар,
Муқаддас ва кўҳна тарихга эга Нурота туманимизни тарихи ва бугуни ҳақида қанча сўз юритсак шунча оз. Бугун Нурота туманининг ташкил топган қутлуғ куни билан барчангизларни самимий қутлайман. Мустақиллигимиз баробарида Нурота туманимиз ҳам янада равнақ топиб, обод манзиллар қаторида жой олишида барчангизни қўшаётган меҳнатларингиз бардавом бўлсин.
Нурота ҳамиша гуллаб яшнасин. Ватанимиз ичра кичик ватан Нуротамизнинг ташкил топган кунинг 96 йиллиги билан бутун туман ҳалқимизни яна бир бор самимий қутлайман.
Ҳурмат билан,
Нурота тумани ҳокими
Азамат Исматович Файзиев