МИЛЛИЙ ҲУНАРМАНЧИЛИК ЁШЛАР ЭЪТИБОРИДА
Нурота шаҳридаги Навоий ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати 1998 йилда ташкил этилган бўлиб, мутахассислик бўйича қаламтасвир, рангтасвир ва композициядан сабоқ берилади. Кулол, наққош, каштадўз, зардўз, тоштаррош сингари мутахассислар тайёрланади. Айни дамда 100 нафардан ортиқ иқтидорли йигит-қиз санъат интернатида таҳсил олишмоқда. Хушхабар сифатида айтиш ўринлики, тегишли давлат дастурлари асосида мактабнинг 330 ўринли янги биноси қурилиш ишлари якунланиб, сўнги пардозлаш ва жиҳозлаш ишлари бажарилмоқда. Ана шундай ўзгаришлардан руҳланган санъат мактаби сафида билим олиб, миллий санъатимиз ва ҳунармандчилигимизни ўз истеъдод ва интилишлари асосида юртимиз ва жаҳон санъат ихлосмандларига кўз-кўз этаётган ёшларнинг сафи кун сайин ортмоқда. Жумладан, мактаб жамоаси 2009 йилги Тошкент 4-халқаро замонавий санъат биенналесида хилма-хил кўргазмалари учун биеннали медали билан, шунингдек, ушбу биенналида Турдиев Азизбек 13 ёш ўртасида тасвирий санъат йўналишида сертификат билан, мактабнинг ёш муаллимларидан бўлган Сухроб Қодиров Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихорим мустақил Ўзбекистон” шори остида ўтказилган “Нафосат-бўстоним маним” анъанавий 8-Республика кўрик-фестивалида бадиий савиядаги ижро дастури учун 1-даражали диплом билан, санъат мактабининг фаол ўқувчиси Ойдин Зокиров эса жорий йил апрелда ўтказилган “Тасвирий санъат фестивали”да рангтасвир йўналиши бўйича олтин медал билан тақдирлангани мамлакатимизда таълим ва санъатга қизиқувчи ёшларга берилаётган эътиборнинг натижаси деб баҳо бериш мумкин.
Шунингдек, мактаб ўқувчилари нафақат республика, балки халқаро танловларда ҳам иштирок этиб келмоқдалар. Улар санъатимизни Чехия, АҚШ, Туркия, Словакия, Ҳиндистон ва МДХ мамлакатларида намойиш этишмоқда. Ихтисосолаштирилган санъат мактаб интернатида ўз мутахассислиги бўйича тинимсиз таълим тарбияга эга бўлаётган ва ёш бўлишига қарамай юксак натижаларга эришаётган ёш ўқувчи қизларнинг борлиги ҳам хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеи ва ўрнини ошириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигидан дарак бериб турибди. -Нуроталик ёшларнинг сафида миллий ҳунармандчилик билан шуғулланаётганлари кўпчиликни ташкил этади. Тасвирий санъат, миллий либослар, касаначилик маҳсулотлари кўргазмаларининг ташкил этилаётгани қўли гул ўқувчи қизларимизнинг ҳам истеъдод ва меҳнатларини намойиш этиш имконини бермоқда-дейди санъат мактаби директори, ЎзМТДП Нурота туман Кенгаши аъзоси Аминжон Қодиров суҳбат аввалида.-Мактабимизда шунингдек, хорижий мамлакатларда ҳам маълум ва машҳур бўлган Нурота анъанавий каштачилик мактабини тиклашга катта эътибор қаратилмоқда.
Ана шундай Нур заминига хос бўлган анъаналарни давом эттиришга ҳисса қўшаётган ёш санъатсевар қизлардан бири 1998 йилда Нурота заминида туғилган санъат мактабининг 9-синф ўқувчиси Зиёдуллаева Сайёра бўлади. У 5 синфдалигида мактаб остонасини тахлаб ўтган илк йиллариданоқ ўз мутахассислиги тасвирий санъат йўналишида ўз билим тажрибаларини ошириш мақсадида барча фанларни аъло баҳолар билан ўзлаштиришга интилади. Бу интилиш уни каштачилик тўгарагига бошлаб боргани ҳам бир ютуқдир.
С.Зиёдуллаеванинг онаси Санобар Зарипова мактабнинг кўп йиллик “Камолот” БТ етакчиси. Санобар опа фарзандига масъулият билан таълим берди ва ҳунар ўрганишида унга шароит ва вақт ажратди. Сўнгра камолотга етиш йўлида унга мактабнинг яна бир қатор қақажон йиғит-қизлари эргашишди. Оилада бир ўғил, уч қизни вояга етказаётган Санбар опа қизларини Нур хотин-қизларининг азалий машғулоти бўлган каштачиликка бўлган меҳрини оширишда талабчандир. Сайёранинг опаси ҳам ўқиш ва уй ишларидан бўш пайти кашталар тикишни фойдадан холи деб билмайди. Сайёра эса ҳалитдан 4 ёшли синглисига устозлик қилиш ниятида.
Жажжи устознинг қисқа муддат ичида эришган ютуқлари ҳам бисёр. Келинг сўзимизни исботласак. Аввалига мактаб миқёсидаги “Истеъдод ғунчалари”, “Ёш ҳунарманд”, “Санамлар сарвари” кўрик-танловларида “Истеъдодли қиз”, “Энг моҳир, ёш ҳунарманд” номинацияси ва олий ўринларни қўлга киритгани унинг биринчи қадамлари сифатида келажакдаги орозулари йўлида маёғ бўлди. Шундан кейин Сайёра мактабдаги устозлари ва яқинлари ёрдамида туман, вилоят, республика миқёсидаги танловларда қатнаша бошлади хусусан, 2009 йили “Тошкент қувончлари” халқаро замонавий санъат биенналисида 14 ёшида сертификат, биенналининг 2013 йилги болалар расмлари танловида ўзининг “Тумор” асари билан фаол иштирок этиб диплом эгаси, “Янги авлод-2011” танловининг “E” гуруҳи, амалий санъат йўналишида туман ҳамда вилоят боқичларида мутлақ ғолиб бўлиб, республикадаги байрамона фестивалда кўрик-танловнинг лаурияти бўлишга эришди. Шунингдек, айнан шу йили “Наврўз” умумхалқ байрамига бағишлаб ўтказилган “Халқ амалий санъати” вилоят кўрик-танловининг “Каштачилик” йўналиши бўйича вилоят Халқ таълими бошқармасининг 1-даражали дипломи соҳиби, жорий йил 22-26 апрел кунлари Тошкен шаҳрида “Обод турмуш йили” бағишлаб “Тасвирий санъат фестивалида” фаол иштироки учун Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси А.Нуриддинов томонидан диплом билан, Навоий вилоятида ўтказилган “Асрлар садоси-2013” фестивалда ҳам сайёҳларнинг эътиборига тушиб ижод намуналари чет эллик санъатсеварлар томонидан харид қилинди. Фестивал давомидаги танловда эса фахрий ёрлиқ ила тақдирланди. Шу билан бирга, 2014 йилги “Юрт келажаги” иқтидорли ёшлар танловининг республика босқичида “амалий санъат” йўналишида иштирок этиб сертификат билан тақдирланди. Унинг ўтган даврда мобайнида тасвирий ва амалий санъат йўналишидаги ижод намуналарига берилган юқоридаги баҳолар албатта ҳаққоний бўлиб, тақдирланиш мезонининг яна бир муҳим жиҳати, иштирокчи ёш эканлиги ҳайъат аъзолари эътиборида эканлигида дейди-Сайёранинг рангтасвир бўйича ўқитувчиси Мақтаганов Ойдин.
-Мен бу санъатларнинг иккисини ҳам бирдай кўраман ва ижод қилишга куч топаман-дейди ёш мусаввир Сайёра. -Нурота каштачилиги тарихи бўйича кўп изланишга тўғри келади. Ҳозирги кунда, ўтган асрда тикилган бадиий каштачилик буюмлари сўзана, такяпўш, жойнамоз, сандалпўшларни учратиш қийиндир. Манбаларда ёзилишича, бу буюмларнинг кўпчилиги сақланиб қолмаган, хорижга олиб кетилган ёки сотиб юбориш натижасида йўқолган. Менинг келажакдаги ниятим ана шу намуналарни тиклаш, ижодий асарларимда ўзига хос тарихий хусусиятларни акс эттириш, соҳада изланиш олиб бориш, тенгдошларим орасида ушбу ҳунарни ўрганишга бўлган иштиёқни кучайтириш ва миллий ҳунармандчилигимизни ривожланишдан иборатдир.
Дарҳақиқат, мактабдаги каштачилик тўгараги ўқитувчиси Жумаева Дурдона кўмаги ва сабоғи орқали ёш каштадўзимиз қизлар учун замонавий кийимларда каштачиликни уйғунлаштириш, нимчалар, кичик сўзана, ёстиқпўш, чойнакпўш, жойпўш, пешонабанд белбоғ, кастум, сумка, қаламдон-қоп, уяли алоқа телефонлари учун ғилофларга каштачилик йўналишида гуллар солиш орқали замонавийлик ва тарихий миллийликни хамоҳанг бўлишида ишлар амалга оширмоқда. Ҳар бир ижод намунаси санъат даражасига етиши учун кўп кунлар ҳаттоки ойлар керак бўлади, матоларга гул солиш ва безаш ишлари оддий чокли тикиш ва бигизи йўналишида олиб борилади. Бигиз йўналишида тикишда матолар махсус дўконларга маҳкамланади ва осон тикилади. Матоларга гул солишда ҳам Сайёра ўз қўл меҳнатидан унумли фойдаланади. Бунда устозлари унинг яқин кўмакчиларидир.
-Шу кеча кундузда Алишер Навоийнинг “Хамса” асаридаги “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳод ва Ширин учрашуви лавҳасидаги минатурани матода акс эттиришга эришдим-деб давом этади. -Бу ижод йўналишида ранлар уйғунлиги ва тасвир моҳияти биринчи галда туради. Ипларимизнинг ранги табиий бўлганлиги сабабли ҳеч бир бўрттиришга йўл йўқдир. Табиий рангли иплар тарихий даврни очишда кўл келади. Матода минатура ишлаш жуда аниқликни талаб этади лекин кишига завқ беради. Ҳар ҳолда ижоддаги бу йўналиш янгилик сифатида кўпчилик томонидан катта қизиқишга сабаб бўлади. Мен миллий ҳунармандчилигимизнинг каштачилик йўналишида фидои бўлган онахонлардан кўп эшитаман момомерос қадрятларимизни давом эттириш аввалги замонларда барча ўзбек аёлларига насиб этмаган экан. 15 ёшимда мамлакатимизда яратиб берилган илм ва ҳунар ўрганишдаги имконятлардан баҳраманд бўлганимдан мамнунман. Албатта ҳали кўп йиллар мен ватаним учун ўз соҳамда кўп ишларни амалга оширига сўз бераман.
Орзулари бир олам Сайёра Зиёдуллоева қатори бир қатор ёшлар унинг ортидан боришга интилишади. У яна рақс тушига ҳамда тенис мусобоқаларида иштирок этишга ҳам қизиқади дейишади санъат мактаби ўқитувчилари. Унинг рангтасвирдаги ижод намуналари ҳам бир кўргазма бўлгудек, кўзни олади. Яқинда, С.Зиёдуллоева илғор ва тиришқоқлиги, яхши хулқли ва ўқишларидаги муваффақиятлари, миллий санъатимиз ва ҳунармандчилигимизга қўшган ҳиссаси учун Зулфия номидаги давлат мукофоти вилоят босқичига номзод сифатида кўрсатилди. Интилганга толе ёр деганлари шудир балки.
Президентимизнинг 2010 йил 30 мартдаги "Халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъатини ривожлантиришни янада қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги Фармонида белгилаб берилган талаблар асосида Нурота туманида самарали ишлар олиб борилганига гувоҳ бўлиш мумкин. Яратилган имтиёзлар рағбатлантирувчи омил бўлаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Бу каби чора-тадбирлардан асосий мақсад хотин-қизларимизнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш, оила ва жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиздир
С.Зиёдуллоевага каштачиликни санъат даражасига кўтарган Нуроталик тажрибали каштадўз аёллар мартабасига эришишни ва улар сафида муносиб ўрин олишида омад тилаймиз.

Жамшид БЕРДИЕВ,
ЎзМТДП Нурота туман Кенгаши етакчи мутахассиси.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР