Нуратинский район, улица Ислом Каримов 48

  • Yaratildi: 05.09.2022 11:52

Нурота тумани ҳокими Азамат Исматович Файзиевнинг янги ўқув йили муносабати билан байрам табриги

Ассалому-алайкум ҳурматли тадбир иштирокчилари, азиз ўқувчилар!

Атроф тилларанг тусга кириб, табиатнинг яна бир фасли – олтин куз кириб келди. Ёз бўйи мириқиб дам олган ўғил-қизлар яна мактаб томон йўл олишди. Бешинчи сентябрь – Билимлар куни ўқувчиларни ўз бағрига чорлади. Бошланган янги ўқув йилида туманимиз мактабларининг  1-синфларига 1506 нафар ўқувчи қабул қилиниб уларга 12 номдаги ўқув-қуроллари “Президент совға”лари бепул тарқатилди. Барча таълим муассасалари сингари 4-умумтаълим мактабида ҳам “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида янги ўқув йилининг бошланиши – билимлар куни тадбири билан барча устоз-мураббийлар ва ўқувчи-ёшларни чир қалбимдан табриклайман. Мактаб узра жаранглаган давлатимиз мадҳияси ҳар бир ўғил-қизни ўқишга, илм чўққиларини забт этишга ва янги мақсадлар сари дадил интилишга ундади. Аминманки, 1-синфга қабул қилинаётган ёшлар чуқур билими, кенг дунёқараши ва ақлу заковати билан эртанги келажагимизнинг муносиб эгалари бўлишади. Ўтган 2021-2022 ўқув йили якуни билан тумандаги 53 та умумий ўрта таълим мактабларини битирган 746 нафар битирувчилардан 265 нафари (36%) республикамиздаги олий таълим муассасалари талабаси бўлишди бу кўрсатгич ўтган ўқув йили билан солиштирсак 7 фоизга ошганлиги маълум.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

“Агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса – бутун жамиятимиз ўзгаради” деган ҳурматли Президентимиз Ш.Мирзиёев.  Туманимизда 2021-2022 ўқув йилда 1 та мактаб қайта реконструкция ва капитал таъмирланди ҳамда 3 та янги ўқув қўшимча бино қўрилиб фойдаланишга топширилди. Битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2020 йилги 22 фоиздан – 2021 йилда 34 фоизга, 2022 йилда 39 фоизга етказилди. Яқин келгусида ушбу кўрсаткични 55-60 фоизга етказиш мўлжалланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳудудларга ташрифлари давомида таълим тизимига оид берилган топшириқлар ижросини таъминлаш, умумий ўрта таълим мактаблари ўқитувчиларининг метод кунларида уларга мунтазам равишда амалий-методик ёрдам кўрсатиб бориш, педагогик маҳоратини ва касбий малакасини ошириб бориш, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда ўқитишнинг илғор услубларини дарс жараёнига тарғиб этиш, каби ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Маънавий уйғоқ жамиятни, ўз олдига улкан вазифалар қўйиб, келажак сари ишонч билан бораётган ёшларни ҳеч ким ўз йўлидан тўхтата олмайди. Бундай ёшларни яратганимиз ҳам қўллаб-қувватлайди, доимо йўлини очиб беради.

Барчангизга маълумки, 2020 йил 30 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар куни – умумхалқ байрами муносабати билан тарихда илк маротаба республикамизда фаолият юритаётган фидойи устозларни ушбу қутлуғ айём билан самимий муборакбод этиб ўтказилган видеоселекторда "Ўзбекистонда энг обрўли инсон -Муаллим бўлиши, бутун жамият шунга эътиборини қаратиши керак!" деб бежиз таъкидлаб ўтмадилар.

Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

Ҳаммамизга аёнки, тараққиётнинг тамал тоши ҳам, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир. Эртанги кунимиз, Ватанимизнинг ёруғ истиқболи, биринчи навбатда, таълим тизими ва фарзандларимизга бераётган тарбиямиз билан чамбарчас боғлиқ.

Буюк юнон олими Аристотелнинг “Ватан тақдирини ёшлар тарбияси ҳал қилади”, деган сўзлари бор. Қаранг, бу фикрлар милоддан аввал айтилган. Демак, инсоният онгли ҳаёт кечира бошлаган даврдан буён таълим ва тарбия масаласи, доимо долзарб аҳамият касб этиб келмоқда.

Бир ўйлаб кўрайлик, дунёдаги ривожланган давлатлар қандай қилиб юксак тараққиёт ва турмуш фаровонлигига эришмоқда? Энг аввало, илм-фан ва таълимга қаратилган улкан эътибор туфайли эмасми?

Шунинг учун ҳам кейинги йилларда юртимизни ҳар томонлама тараққий эттириш, янги Ўзбекистонни яратиш мақсадида барча соҳалар қатори таълим тизимида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бу борада ўнлаб муҳим фармон, қарор ва дастурлар қабул қилингани сизларга яхши маълум.

Қолаверса, “Таълим биз учун ё ҳаёт - ё мамот масаласидир", "Жонкуяр, фидойи муаллимлар керак!", "Мактабни ўзгартирмай, одамларни, жамиятни ўзгартириб бўлмайди" деб кўплаб таклифларни илгари суриб, жонкуяр раҳбар ва Устозларга бўлган эътибор янада кучайиб, бошимиз кўкка етди, бироқ бу каби ҳурмат-эҳтиром, эътибрларга “лаббай” деб жавоб бериб, ўсиб келаётган ёш авлодга сифатли таълим-тарбия, уларни маънавиятини ошириш, катта ҳаётга қадам қўйиб ўз позициясига эга бўлишлари фидойи устозларга боғлиқ деб биламан.

Азиз тадбир қатнашчилари!

Таълим сифати ва самарадорлигини оширишда, ўсиб келаётган ёш авлодни ҳар томонлама етук салоҳиятли ўз юртига садоқат билан хизмат қиладиган, фарзандларимизни таълим-тарбияси учун фидокорона хизмат қилаётган меҳри дарё ўқитувчиларга муҳтарам Президентимизнинг шахсан эътиборлари натижасида, қисқа фурсатда мисли кўрилмаган имкониятлар, шарт-шароитлар яратилди.

Ўқитувчи касбининг мавқейи ва нуфузи кундан-кунга кўтарилиб, мажбурий меҳнат, обуна, ортиқча қоғозбозлик, таълим муассасаларига тўғридан-тўғри кириб бориб, хеч қандай асосиз текширишларга чек қўйилиб, ўқитувчига таълуқли бўлмаган йиғилишлардан шарафли касб эгалари озод этилганлигини алоҳида таъкидламоқ жоиздир. Ўқитувчини ҳар бир раҳбар, ота-оналар кенг жамоатчилик ҳурмат қилиб сизлаб мурожат этишини такидладилар. Тегишли ташкилотларга ўқитувчини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар бериш ҳақида топшириқ бердилар. Мактаб раҳбарлари ва ўқитувчиларга сифатли таълим беришлари учун ҳар қандай шароит яратиб беришда барча имкониятларда фойдаланишлигини айтиб ўтдилар.

Янги ўқув йилида Президентимизнинг Сиз педагогларга ва ўқувчи-ёшларга билдирган ишончларидан тўғри хулоса чиқарган ҳолда ҳар бир мактаб жамоаси ўзининг иш услубидан кескин ўзгартириш ва сифат самарадорлигини ошириши зарурдир.

Эътиборларингиз учун раҳмат!