Нуратинский район, улица Ислом Каримов 48

  • Yaratildi: 30.11.-0001 00:00

Нурота

Нур чашмаси

Нур чашмаси табиатнинг ноёб туҳфаси бўлиб унинг қачон қандай пайдо бўлганлиги номаълум. Бу илоҳий мўъжиза мураккаб табиий жараёнлар натижасида пайдо бўлган. Археолог олимларнинг чашма жанубидаги қалъа теварагида топган қадимги одамлар қули билан ишлов берилган топилмалар юқори палеолит даврида бу манзилда одамлар яшаганлигини кўрсатади.

Чашма суви тоғ ичида, тошлар орасидан сизиб ўтаркан у ана шу тошлардаги турли хил кимёвий бирикмаларни, тоғ жинсларидаги ҳар хил элементларни эритиб ўзи билан бирга олиб келади. Юқори минереллашган сув ер юзига чашма бўлиб отилиб чиқади. Денгиз сатҳидан 524 метр баландликда жойлашган бутун Ўзбекистон халқининг ардоқли гўшасидир.

Нур чашмаси денгиз сатҳидан 524 метр баландликда жойлашган.Чашма суви хуштаъм, ҳидсиз, рангсиз, юмшоқ, ширин бўлиб, унинг таркибида хлор, сульфат, калий, магний, кальций, кремний, карбонат, натрий каби 20 хил микроэлементлар борлиги аниқ-ланган. Ҳарорати эса ҳайратомуз:  қишин –ёзин доимо +19,50С. 

Нур чашмаси Ўзбекистон халқининг ардоқли гўшасидир. Унинг ғаройиб мўъжизали қудрати олдида лол қолади киши. Айниқса, баҳор ойларида эрталабки қуёшнинг шаффоф нури таъсирида чашма узра пайдо бўладиган беҳисоб сержило нурлар барчани сеҳрлаб кўяди. Табиий-илоҳий нур таъсирида сув юзасига кўтарилган балиқлар ўзининг қувноқ рақси билан порлаб турган нурни янада ёғдулантиради

Нурота балиқлари Ўрта Осиёда мавжуд 110 тага яқин балиқлардан бири саналади. Улар чашма ҳовузида ва ҳовлиларда ўтган ариқларда бемалол сузиб юришади. Бу балиқлар фанда «маринка», маҳаллий халқ тилида «ширмоҳи» деб юритилади. Улар 20 йилгача умр кўради. Уларнинг 60 см узунликдагилари ҳам учраб туради. Бошқа балиқлар сингари улар ҳам ухламайди, тинч ҳолатда дам олади. Балиқларни боқиш мақсадга мувофиқ эмас. Чашмага ҳар қандай буюмларни ташлаш зарарли. Балиқлар чашма сувида мавжуд бўлган минерал ва микроэлементлар билан озиқланишга мослашган.

 Бу балиқлар табиатнинг бетакрор мўжизасидир. Нурота балиқлари чашма, унинг ариқлари ва хонадонларидаги ариқларда бемалол сузиб юради. Маҳаллий халқ ва саёҳатчилар балиқларга озор етказмайди.

 Чилустун» жомеъ масжиди

Нуротанинг «Чашма мажмуаси» да жойлашган «Чилустун» жомеъ масжидининг биринчи марта қурилиши X-асрга бориб тақалади. 

Наршахийнинг X-асрда ёзилган асарида қуйидаги маълумотни келтириш мумкин: «Нур-катта ва гузал жой, анда жомеъ масжиди ва кўпгина работлар бор».

 

Чилустун жомеъ масжидининг ўзига хос жиҳатлари шундан иборатки масжидда қадимда ишлатилган қуёш соатининг ўрни бор ва масжидда қадимги акс-садо берувчи овоз кучайтиргичлар кейинги таъмирлаш жараёнида сақлаб қолинган.

Масжид 20х30 ўлчамли бўлиб, унинг ёғоч ўймакорликлари Нурота ўймакорлигига ҳосдир.

 

«Панжвақта» Катта Гумбаз масжиди.

Нур чашмаси соҳилида қурилган «Панжвақта» Катта Гумбаз масжиди 1582 йилда қурилган меъморий ёдгорликдир. 

Масжид икки томонлама айвонли бўлиб, бошқа масжидлардан чиллахонаси борлиги билан ажралиб туради.

Масжид икки томонлама айвонли бўлиб, айвондаги меҳробнинг гулдор кошинлари ва ҳошиядор нақшлари кўзга ташланиб турибди. Кексаларнинг айтишича, масжид асли нимранг, оқ, мовий ранг ва қора фонда ишланган мозаикалар билан безатилган.

Шайх Абул Ҳасан Нурий.

Шайх Абул Ҳасан Нурий - IX асрларда Нурда яшаган ва фаолият кўрсатган машҳур диний арбобдир. У ислом динимизнинг макоримул-ахлоқ таълимотини Нур ва унинг ҳудудидаги маҳаллий аҳолига тарғиб этган буюк шахсдир. 

Шайх Абул Ҳасан ҳар томонлама маҳаллий халқ ҳурматини қозонганлигидан ўзининг олий даражадаги оламни билиш тўғрисидаги исломий билими ва ниҳоятда хоксор, камтарлиги билан бошқаларга ибрат бўлганлигидан Нур халқи бу азиз инсонни ўзи учун мукаддас бўлган жойга – Нур чашмаси соҳилига дафн этган, қабрини обод қилган ва уни зиёрат қилиб, эслашни савоб иш деб ҳисоблаган.

Шайх Абул Ҳасан Нурий ҳақида А.Жомийнинг «Нафаҳотул – унс мин ҳазаротул қудс» (Пок зотлар томонидан эсган дўстлик шабадалари) тазкираси ўрганилди ва бу тарихий асарда Шайх Абул Ҳасан Нурий 616 та донишмандларнинг бири сифатида номи зикр этилган.

Шарофиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» асарида келтирилишича, Амир Темур 1376 йил март ойида Хоразмга учинчи марта юриш чоғида Работи Маликда тўхтаган. Амир Темур бир ҳафта ушбу саройда яшар экан, у шу атрофдаги жуда кўп қўрғон ва қишлоқларни зиёрат қилган. Нуротада бўлиб чашмадан сув ичган ва Абул Ҳасан Нурий қабрини зиёрат қилган. 

 Туризм

Чашма зиёратгоҳи ҳудудида хорижий сайёҳлар учун бир қанча қўшимча қулайликлар яратилган. Хусусан ташриф буюрувчилар учун барча қулайликларга эга бўлган замонавий меҳмонхона барпо этилган.

Шунингдек, Нурота сўзана ва кашталарини ўзида мужассамлаштирган замонавий ҳунармандлар маскани ташкил этилган.