Ассалому алайкум, азиз меҳмонлар!
Қадрли тумандошлар!
Бундан ўттиз бир йил муқаддам биз юртимизда асрлар давомида халқимиз интилиб келган эркин ва озод ҳаёт қуриш йўлида тарихий тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган эдик.
Бугун эса барча ҳудудларимизда, бутун мамлакатимизда муборак айём, унутилмас тарихий сана - Ўзбекистонимиз мустақилликка эришганлиги-нинг ўттиз бир йиллик улуғ байрами кенг нишонланмоқда.
Биз учун энг буюк ва энг азиз бўлган ана шу қутлуғ байрам билан Сиз азизларни, Сизлар орқали бутун туманимиз халқини самимий муборакбод этаман.
Ўзининг неча минг йиллик кўҳна тарихига эга, не-не воқеаларни бошидан кечирган халқимиз учун Ўзбекистон мустақиллиги, ҳаётимизни, ғуруримизни тубдан ўзгартирган бу улуғ сана кўп йиллар, замонлар ўтсада, ўз аҳамияти, қадр-қиммати ва моҳиятини йўқотмайдиган, том маънода оламшумул воқеа бўлиб абадий сақланиб қолади.
Ватанимиз Мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги “Янги Ўзбекистонда эл азиз инсон азиз!” ғоясини ўзида мужассам этган шиор асосида нишонланмоқда.
Истиқлолнинг сўнгги беш йилида эришилган ютуқлар ва қўлга киритилган муваффақиятларни сарҳисоб этар эканмиз, мазкур даврнинг қарийб бир ярим йили пандемия шароитига тўғри келишига қарамасдан туманимизнинг иқтисодиёти қарийб 1,5 баробарга, аҳоли даромадлари жон бошига эса ўртача 2 баробар ўсди.
Истиқлолнинг илк кунларидан эътиборан мамлакатимизда олиб борилган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли барча ҳудудларда бўлгани каби Нурота тумани ҳам ҳар томонлама ривожланмоқда, айниқса сўнги йилларда туманнинг меъморий қиёфаси тубдан ўзгариб, кўркига кўрк қўшилмоқда, янги ижтимоий-маданий объектлар, жаҳон андозаларига мос келадиган мехмонхоналар, бир-биридан шинам намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар барпо этилиб, “Обод қишлоқ” дастури доирасида узоқ аҳоли пунктларимизда бунёдкорлик ишлари амалга оширилиб тартибга келтирилмоқда.
Хусусан, сўнги 5 йиллик даври мобайнида ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар самараси ўлароқ 12 та умумтаълим мактаби, 11 та мактабгача таълим муассасалари ҳамда 5 та тиббиёт муассасалари, шу жумладан, 49 та маданият, спорт ва бошқа ижтимоий объектлар янгидан қурилди.
Бундан ташқари, 44 та умумтаълим мактаби, 15 та мактабгача таълим муассасалари ҳамда 8 та тиббиёт муассасаларида, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилиб замон талаблари асосида жиҳозланди.
Туманда 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 2017 йилдаги 21,7 фоизни ташкил этган бўлса, мактабгача таълим соҳасини ривожлантириш борасида туманда амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ ўтган давр мобайнида 59 та янги давлат, давлат хусусий шерикчилиги ҳамда уй боғчаларини ташкил этилиши натижасида қамров даражаси бугунги кунда 70,1 фоизга етказилишига эришилди.
“Обод қишлоқ” дастури доирасида барча манбаалар ҳисобидан 115,0 млрд.сўм маблағларни ўзлаштирилиши ҳисобига тумандаги 7 та қишлоқлар намунали қишлоқ сифатида тартибга келтирилган бўлса, жорий йилда ҳам умумий қиймати 26,0 млрд. сўм маблағлар ҳисобидан тумандаги “Сентоб” ҳамда “Жарма” қишлоқларида ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари олиб борилиб, аҳоли хонадонларини тартибга келтириш ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш, ҳудуддаги ижтимоий соҳа объектларини янгидан қуриш ва таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда.
Азиз дўстлар!
Барча ҳудудларида бўлгани сингари Нурота туманида ҳам сайёҳларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш ва уларга зарур шарт-шароитлар яратиб бериш орқали туманнинг туристик салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Хусусан, туманнинг асосий зиёратгоҳларидан бири бўлган “Чашма” тарихий меъморий мажмуаси ва унинг атрофини ободонлаштириш, сайёҳлар учун қулай инфротузилма объектларини барпо этиш мақсадларида сўнги йилларда қарийб 110,0 млрд сўм маблағлар йўналтирилиб кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилганлигини гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Шу билан бир қаторда, туманнинг энг чекка ҳудудларидан бири бўлган Сентоб маҳалла фуқаролар йиғинининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиққан ҳолда ушбу ҳудуднинг драйвери сифатида туризим соҳаси танланган бўлиб, 2016 йилга қадар ушбу ҳудудда 4 та туристик хизматлар кўрсатиш объектлари мавжуд бўлган бўлса, бугунги кунга келиб ушбу объектлар сони 21 тага етказилиб, бир вақтнинг ўзида 600 нафардан зиёд сайёҳларни қабул қилиш имкониятлари яратилди.
Албатта ушбу соҳада амалга оширилаётган ишлар бугунги кунда ўз самарасини бериб, 2017 йилда 7,0 минг нафардан ортиқ хорижий сайёҳлар туманга ташриф буюрган бўлса, ушбу кўрсаткич 2022 йилда қарийб 3 каррага ошганлигини эътироф этишимиз лозим.
Туманга ташриф буюраётган сайёҳларнинг асосий қисми Туркия, Германия, Франция, Россия, Испания, Италия, Жанубий Корея, Қозоғистон, Эрон, Хитой ва Россия давлатларига ҳиссасига тўғри келаётган бўлиб, уларга туманда 65 та саёҳат маршрутлари 23 та архитектура ёдгорликлари, 13 та табиий ёдгорликлар, 4 та экотуризм объектлари ва 25 та археологик объектларда туристик саёҳатлар ташкил қилинмоқда.
Қадрли тумандошлар,
Барчамизга яхши маълумки кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши ҳар бир ҳудуднинг ривожланиши ва аҳоли ҳаётининг фаровонлигининг муҳим омили бўлиб хизмат қилади.
Бугунги кунда бу борада юртимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ташаббускорлар учун барча имкониятлар яратиб берилмоқда.
Таҳлилларга эътибор қаратадиган бўлсак, 2016 йилда туманда фаолият олиб бораётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари 514 тани ташкил этган бўлса, бугунги кунда улар сони 1506 тага етиб, қарийб 3 баробар кўпайганлигини гувоҳи бўлишимиз мумкин.
Албатта кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида қабул қилинган мақсадли дастурлар муҳим аҳамият касб этади.
Шу нуқтаи назарда рақамларга эътибор берадиган бўлсак, 2017-2022 йиллар давомида тасдиқланган дастурларга мувофиқ саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида умумий қиймати 421,0 млрд.сўмлик 568 та лойиҳалар амалга оширилиб 2360 та иш ўринлари яратилган.
Мамлакатимиз Президентининг яқинда тадбиркорлар билан ўтказган очиқ мулоқотида белгилаган вазифалари ҳамда соҳа равнақи йўлида тақдим этган енгиллик ва қулайликлари туманимизда ҳам тадбиркорлик ривожи йўлида янги имкониятлар эшигини янада кенгроқ очиши, шубҳасиз, албатта!
Қулай ва жозибадор инвестициявий муҳит, экспортёр корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларининг жорий этилиши маҳсулотлар экспорти ҳажмларининг ошишига, номенклатураси ва географияси кенгайишига хизмат қилмоқда. 2016 йилга солиштирганда, туманимизнинг экспорт ҳажми 4,5 бараварга, жалб қилинган хорижий инвеститциялар ҳажми эса қарийиб 16,5 млн АҚШ долларига ўсиб 21 та хорижий инвестициялар асосидаги қўшма корхоналар фаолияти йўлга қўйилди.
Бу каби ютуқлар, шубҳасиз, ҳурматли юртбошимизнинг Нурота туманига алоҳида эътибори ва амалий ёрдамларининг тимсолидир.
Иқтисодиётимизнинг етакчи тармоғига айланиб бораётган Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳоли томорқасидан самарали фойдаланиш бўйича биргина 2022 йилнинг ўзида тижорат банклари томонидан 1508 нафар юридик ва жисмоний шахсларга оилавий тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйилиши учун 44,9 млрд сўм имтиёзли кредитлар ажратилган бўлса, ижтимоий дафтарларга киритилган 305 нафар ишсиз хотин-қизлар ва ёшларга 520 млн.сўмлик асбоб ускуналар етказиб берилиши таъминланди.
Қадрли тумандошлар,
Ўтган давр мобайнида кўҳна ва узоқ тарихий аҳамиятга эга бўлган Нурота туманида эришилган юксак марралар ҳақида узоқ гапиришимиз мумкин.
Бугун биз қўлга киритаётган бу юксак марраларнинг илдизи, замини нимада, деган саволга хар биримиз хеч иккиланмасдан, буларни барчасининг замирида аввало мустақиллик деб аталган бебахо неъмат, халқимизнинг фидокорона мехнати, унинг тобора юксалиб бораётган онгу тафаккури, эртанги кунга бўлган ишончи, эзгу орзу-интилишлари мужассам, деб катта ғурур ва ифтихор билан айтишимиз табиийдир.
Оллохнинг назари тушган, Ўзбекистон деб аталмиш гўзал ва бетакрор ўлкада туғилиш, унинг бағрида камол топиш хар кимга хам насиб этмайди. Ана шу хақиқат азиз ёшларимизни қалбидан, юрагидан чуқур жой олишини, Ватан севгиси, Ватанга садоқат туйғуси уларга умурбод ёр бўлишини истардим
Фурсатдан фойдаланиб, Сизларни ва бутун туманимиз аҳлини энг улуғ, энг азиз байрамларимиздан бири, қутлуғ айём – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллиги билан яна бир бор самимий муборакбод этаман.
Сизларга мустаҳкам соғлик, бахту саодат, Ватанимиз равнақи ва халқ фаровонлигини ошириш йўлидаги масъулиятли ва шарафли фаолиятларингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Мустақиллик нашидаси ҳар бир инсон қалбини нурларга тўлдирсин. Мамлакатимиз тараққиётнинг ойдин йўлидан юксаклик сари дадил одимлайверсин.
Халқимиз омон, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат.