Ўзбекистон Бадиий академияси Марказий кўргазмалар залида ташкил этилган "Табиат ва рассом" мавзуидаги анъанавий кўргазма мўйқалам соҳиблари ҳамда санъат ихлосмандларининг севимли бадиий анжуманига айланган, десак муболаға бўлмайди. Негаки, бу ерда кумуш қиш, фусункор баҳор, баракали ёз, олтин куз гўзаллигидан бир вақтнинг ўзида баҳраманд бўлиш мумкин. 

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуриддинов ва бошқалар мамлакатимизда ижод аҳли учун яратилган кенг имкониятлар, шароит ва ғамхўрликлар санъатнинг барча йўналишлари каби рассомларнинг жўшиб ижод қилишида асосий омил бўлаётганини таъкидлади. 

Жонажон юртимизнинг мафтункор табиати мусаввирлар учун ҳам битмас-туганмас илҳом, завқ, самарали ижод манбаидир. Қайси жанр ва услубда ишламасин, борлиқдаги жозиба ва тароватдан руҳланиб, уни тасвирлашга интилмаган мусаввирни топиш мушкул. Айни дамда тинч ва осойишта, осмони мусаффо юртдагина она табиат ўзининг бор инъоми, жозибасини тўлақонли намоён этади.

"Табиат ва рассом" мавзуидаги анъанавий кўргазма ўттиз биринчи марта ўтказилаётир. Унинг йил якунида ташкил этилиши ҳам бежиз эмас, албатта. Тасвирий санъат усталари йил давомида юртимизнинг турли сўлим гўшаларига ижодий сафарлари, очиқ осмон остидаги пленэр машғулотлари давомида чизган суратлари айнан шу тадбирда ихлосмандлар эътиборига ҳавола этилади. 

Кўргазма экспозициясидан ўрин олган бадиий асарлар орқали серқуёш диёримизнинг манзараларига, кўркам боғлар, пурвиқор тоғлар, ям-яшил далалар, шарқираган сойларга мафтун бўлиш мумкин. Экспозициядан ўрин олган асарлар томошабинни шу табаррук заминни кўз қорачиғидек ардоқлашга, ҳаёт ва борлиқнинг қадрига етишга, тинч ва осуда кунларимиз учун шукроналикка ундаши билан аҳамиятлидир. И.Отабоевнинг "Тоғдаги суҳбат", А.Ҳамдамовнинг "Биринчи қор", Х.Ҳусановнинг "Чорвоқ", У.Тўхтасиновнинг "Баҳор. Ёмғирли кун" каби икки юздан ортиқ картина томошабинлар эътиборига ҳавола этилган. 

Бу ерда, шунингдек, Тошкент архитектура-қурилиш институти талабалари, Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоларининг фотография, инсталляция ва бошқа йўналишлардаги ишлари билан танишиш мумкин. Айниқса, А.Жумаев, А.Мамадаминов, Ғ.Шукуров, М.Левкович, И.Тен сингари фотоижодкорларнинг суратлари кўргазма иштирокчиларида катта таассурот уйғотмоқда. 

Манба:Uza.uz

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.