Навоий шаҳрида 18-23 декабрь кунлари республика "Ёшлар марказ"лари ва "Ёшлар ижтимоий хизматлар марказ"лари координаторлари ҳамда тўгарак раҳбарлари учун малака ошириш курси ташкил этилди. "Ёшлар маркази"да бўлиб ўтган ўқув-семинарда барча вилоятлардан саксон нафарга яқин тегишли соҳа вакиллари иштирок этди.
Дастлаб қатнашчилар "Ёшлар маркази" фаолияти билан яқиндан танишдилар. Бу ерда 18 та тўгарак мавжудлиги, уларда кам таъминланган оила фарзандлари, имконияти чекланганлар ва ИИБ ҳисобида турувчи ёшлар қатнови йўлга қўйилгани иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Шундан сўнг, бошланган ўқув-семинарда ёшларга оид давлат сиёсатининг аҳамияти, "Ёшлар ижтимоий хизматлари марказ"ларида ҳужжатлар билан ишлаш қоидалари, тўгараклар фаолиятини такомиллаштириш йўллари ҳақида сўз борди. Семинарнинг кейинги кунлари ижтимоий хизматларнинг моҳияти ва аҳамияти, бошқарув психологияси, мулоқот услуби каби мавзуларда қизғин фикр алмашилди.
— Семинар давомида ўзимиз учун керакли қизиқарли билимларга эга бўлдик, — дейди Тошкент вилоятидан келган координатор Дилмурод Аҳмедов. — Навоий шаҳрига 2011 йилда ҳам келгандим. Ўшанда ҳам "Ёшлар маркази" ўқувчилар билан гавжум эди. Ҳозир ҳам буни кўриб, хурсанд бўлдик. Машғулотларда ўрганганларимизни янги иш режаларимга киритишга қарор қилдим.
Ўқув-семинари якунида фаол қатнашган иштирокчилар тақдирланди ҳамда "Камолот" ЁИҲ томонидан ушбу тадбирни кўтаринки руҳда ташкил этишда кўмаклашган ҳамкор ташкилотларга миннатдорчилик билдирилди.
Дилкушо НАВРЎЗОВА.
Манба:Dustlikbayrogi.uz
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.