Февраль ойининг сўнгги кунлариданоқ кўркамликни елкалаб югурган баҳор бирзумда борлиққа яшил либос кийдирди. Мудраб ётган ўт-ўланлар қуёшнинг илиқ тафтиданжонланиб қолди. Қиши билан намга тўйиниб ётган тупроққа баҳор ёмғирлари жонбағишлади. Бундай паллада, албатта, чўпоннинг ҳаловати бузилади. Қўзилатиш олдиданотарни кўкка тўйғазиш илинжида яйлов кезади.
Бу йил тумандаги 7 та қоракўлчилик ширкат хўжалигидаги 305 та отарда қарийб 180 минг бошга яқин майда шохли мол боқилмоқда.
Шундан 87 минг бошдан кўпроғи совлиқлар. Бундан ташқари, 467 бош йилқи, 271 бош қорамол, 532 бош ангор эчкиси ҳам парвариш қилинади. Гарчи жун, гўшт, қоракўл тери ишлаб чиқариш режалари бажарилса-да, асосий эътибор молларнинг туёқ сонини кўпайтиришга қаратилган. Бунинг учун ҳар йили мустаҳкам озуқа базаси яратилади. Бу йил ҳам тўл мавсумини муваффақиятли бошлаган чорвадорлар ўстиришга 90 фоиздан ортиқ соғлом қўзи қолдиришни режалаштирганлар.
— Чорвани кўпайтиришнинг ҳам машаққати, амал қилиш шарт бўлган тартиб-қоидаси бор. Чорва, деган билан мол кўпаймайди. Жун қирқимидан то қўзилатишгача бўлган мавсумнинг масъулияти оғир. Бундай паллада отарни қачон юргизиш, қайси яйловга кўчириш лозимлигини билиш керак. Ҳатто қочирим даврида совлиқлар нотекис жойда ётқизилса, юз фоиз самара беришини кўпчилик билмайди, — дейди бизга ҳамроҳлик қилган туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимининг бош чорвашуноси Самандар Бозоров.
Туман қишлоқ ва сув хўжалиги бош ветеринария врачи Баҳром Бобомуродов бошқарувидаги машинани кун ботиш томон тўғрилар экан:
— Ҳозир анча таниқли, бутун авлод-аждоди билан касбини эъзозлаб келаётган чўпоннинг отарига борамиз, — суҳбатни давом эттирди ҳамроҳимиз. — Ҳукуматимизнинг қатор мукофотларига сазовор бўлган кекса чорвадор Fаффор Обидовни кўпчилик таниса керак. Вилоятда қўйчиликни ривожлантиришга катта ҳисса қўшган тажрибали, фахрий чўпонларимиздан. У уч-тўрт йил бурун отарни ўғли Фаёзга топширди.
Фаёз Ашуровнинг отари Пошшот тоғи этакларида жойлашган бўлиб, бир томониҚизилқум кенгликларига туташиб кетган. Қачонлардир бу ерларда деҳқончилик ниҳоятда ривожланган, Пошшотнинг серсув булоқларидан келган сув текис адирларга ҳаёт бағишлаган. Айтишларича, унчалик салобатли бўлмаса-да, тоғнинг тўшида жойлашган катта қишлоқ аҳолиси сабзавот, полиз етиштирган, ғалладан мўл ҳосил олишган. Кейинчалик иқлим ўзгариши билан сув танқислиги сезила борган, ўз-ўзидан деҳқончилик барҳам топиб, аҳоли сувли ерларга кўчган. Шу боисдан бўлса керак, Ф. Ашуров чорваси боқиладиган ҳудуд Похол яйлови, деб айтиларкан. Отарга етиб борганимизда, қўра атрофида уч-тўрт киши куймаланиб юрарди.
— Мана, ёш, илғор чўпонларимиздан бири, машҳур чорвадор Fаффор Обидовнинг ўғли, — деди туман қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бош ветеринари Баҳром Бобомуродов бизга қорачадан келган, тўлароқ йигитга имо қилиб. — Ҳозир тўл мавсуми, чўпоннинг бош қашишгаям вақти йўқ ҳисоби.
Фаёзнинг чўпонлик таёғини отасидан қабул қилиб олганига 16 йилдан ошибди. Шундан буён отасининг ҳам, раҳбариятнинг ҳам ишончини оқлаб келаётир. Чўпонликни авлоддан-авлодга ўтиб келаётган шарафли касб сифатида эъзозлаб келишади. Ахир, Фаёзнинг бобоси Ашур Обидов ҳам отарнинг ортидан яйлов кезиб, рўзғор тебратган, фарзандларини тарбиялаб вояга етказган. Уйли-жойли қилган. Бугун набиралар бу анъанани давом эттиришаяпти.
— Отаримизда 530 бош совлиқ, 200 бош урғочи қўзи боқилади. Шу кеча-кундузда тўл мавсумини якунлаш арафасидамиз, юз фоиз соғлом қўзини ўстиришга қолдирамиз. Лекин мартнинг сўнгги кунларидаги қорли совуқ бироз шошириб қўйди. Аммо талафотга йўл қўймадик, чунки ҳамма шароитларни шай қилиб қўйгандик. Ёрдамчиларим Фаррух Омонов, Мажид Шомуродов ва бутун оиламиз билан қўра ёнидан жилмадик. Қўзилагандан кейин ҳам отарни тўрт-беш гуруҳга ажратмаса бўлмайди. Чунки, айрим қўзилар отарга эргашиб юролмайди, шунинг учун туғилган куни ва ойига қараб бўламиз. Йиртқич қушлар ҳам энди туғилган қўзиларни пойлаб юришади. Сал эътиборсизлик қилиндими, улар бирваракайига уч-тўрт қўзини нобуд қилишга улгуришади. Кечаю кундуз навбатчилик ташкил қилганимиз ҳам шундан.
Чўпон уйига электр тортилган, қудуқ бор, насос ёрдамида анчагина сувли майдонда деҳқончилик ҳам қилишади. Сабзи, пиёз, кунжут экишади, ғалла ҳам етиштиришади, 2 гектарга яқин майдонда беда бор. Яйловнинг бир четидан озгина ер очиб, тарвуз, қовун экишга тайёрлаб қўйишибди. Чўпоннинг 300 бошга яқин қўй-қўзиси, эчки-улоғи, 20 тадан ортиқ товуқ ва куркаси, 15 бош қорамоли, 5 бош оти даромад келтириб, рўзғорига барака киритмоқда.
Субҳон Сафаров ҳам қарийб 30 йил чўпонлик қилган. Бугун кексалик гаштини сураётган отахоннинг ўғли Завқи Сафаров ёш ва илғор чўпонлардан. Уч-тўрт йил бурун алоҳида отарни қабул қилиб олди. Туёқ сонини кўпайтириб, совлиқлар сонини 400 бошга етказди. Қўзилатиш мавсумини кўнгилдагидек якунлаган чўпон юз фоиз соғлом қўзини ўстиришга қолдирди. Шу йўл билан қўшимча отар яратишга эришди. Мавсум масъулиятини таъминлашда ёрдамчилари Шавқиддин Омонов, Амриддин Ҳақназаровлар елкама-елка меҳнат қилиб, устозларидан чорвачилик сирларини ҳам ўрганишмоқда.
Ёмғирдан сўнг бепоён чўл янада яшнаб, яшариб кетди. Қайтадан жонланган ёвшан ҳиди, майса ва чўл қизғалдоғи яйловларга ўзгача кўркамлик бахш этди. Чўпон учун қадрли бўлган бу жозибани Қизилқумнинг изғирин шамоли олис-олисларга тортқиларди.
dustlikbayrogi.uz сайтидан олинган.
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.