Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Уни комиссия раиси М.Абдусаломов бошқарди.

 

Сиёсий партияларнинг вакиллари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) кузатувчилар миссияси аъзолари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган мажлисда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширадилар. Ошкоралик ва очиқликни таъминлаш Ўзбекистон сайлов тизимининг асосий тамойилларидан бири ҳисобланади.

 

"Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 5-моддасига мувофиқ сайлов жараёнини кузатишда ҳам миллий, ҳам халқаро кузатувчиларнинг иштирок этиш имконияти назарда тутилган. Кузатув сайлов жараёнининг барча босқичларида амалга оширилиши мумкин. Бу эса халқаро сайлов амалиётида камдан-кам учрайдиган ҳолатдир.

 

Бу Ўзбекистонда истиқлол йилларида халқаро сайлов стандартларига мувофиқ чинакам демократик сайлов ўтказилишини таъминлаш бўйича ижобий тажриба тўпланганлигидан дарак беради. Сайлов тўғрисидаги қонунчилик мунтазам равишда такомиллашиб бораётганлиги фуқаролар сайлов ҳуқуқларининг кафолатларини янада мустаҳкамлашга, сайловни ташкил этиш ва ўтказиш миллий амалиётини яхшилашга қаратилгандир.

 

Марказий сайлов комиссияси олдинги сайловларда бўлгани каби Ўзбекистон жорий йил 29 март куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш учун Европа, Осиё, Америка ва Африка мамлакатларидан кўп сонли хорижий кузатувчиларни, шунингдек халқаро ташкилотлардан кузатувчилар миссияларини таклиф этди.

 

Айни пайтда ЕХҲТ ДИИҲБдан кузатувчилар миссиясининг 12 кишидан иборат  асосий гуруҳи мамлакатимизга келди.

 

Мажлисда МДҲ ва ЕХҲТ ДИИҲБдан кузатувчилар миссияларини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини

ёритиш бўйича Республика матбуот маркази

 

elections.uz сайтидан олинган.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.