Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловига тайёргарлик ишлари қизғин паллада. Депутатликка номзодлар рўйхатга олинди. Сиёсий партиялар ва депутатликка номзодлар сайловолди ташвиқотига фаол киришди. Сайловолди ташвиқоти олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда сиёсий партиялар ва депутатликка номзодларга ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақти  ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг шароитлар таъминланди.

       Шунингдек, депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун тенг шароитлар яратиб берилди. Давлат ва хўжалик бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат  бирлашмалари, шунингдек, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқа-риш органлари депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш учун жиҳозланган хоналарни бепул ажратиши, зарур маълумот ва ахборот материалларини олишда ёрдам кўрсатиши шарт.

       Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси  депутатлигига номзодларга 10 нафар ва халі депутатлари вилоят, туман Кенгаши депутатлигига номзодларга 3 нафарга  қадар ишончли вакилларга эга бўлиши мумкин. Ишончли вакиллар номзод депутат этиб сайланиши учун ташвиқот юритадилар, давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг органлари, сайловчилар билан ўзаро муносабатларда, шунингдек, сайлов комиссияларида номзоднинг манфаатларини ҳимоя қилади.

       2014-йил 4-сентябрда қабул қилинган қонун билан номзодлар ҳуқуқларини янада  кенгроқ ҳимоя қилиш, бунинг учун тегишли кафолатларни яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик кодексининг 51-моддасида номзоднинг, ишончли вакилнинг, кузатувчининг ёки сиёсий партия ваколатли вакилининг ҳуқуқларини бузганлик учун, 51/6-моддасида эса номзодлар, сиёсий партиялар тўғрисида ёлғон маълумотларни тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланди.          

       Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимиз сайлов қонунчилигида депутатликка номзодлар ҳуқуқлари тенг ва адолатли равишда кафолатланган ва бунинг учун етарлича ҳуқуқий асослар яратилган.

 

                   А. ЎРОЗОВ,

38-Нурота округ сайлов комиссияси  раиси .

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.