ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ ДАВЛАТ МУКОФОТЛАРИ  ТЎҒРИСИДА

 

 

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1995 й., 12-сон, 266-модда; 1996 й., 5-6-сон, 63-модда, 9-сон, 120-модда; 1998 й., 9-сон, 163-модда; 2000 й., 7-8-сон, 202-модда; 2003 й., 9-10-сон, 140, 149-моддалар; Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 51-сон, 514-модда; 2007 й., 27-28-сон, 279-модда; 2008 й., 18-сон, 143-модда; 2012 й., 37-сон, 422-модда)

1-модда.

Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари меҳнат ва жанговар хизматлари, самарали давлат, ижтимоий ва ижодий фаолиятлари учун давлат мукофотлари билан тақдирланишлари мумкин.

Ўзбекистон Республикаси учун хизмат кўрсатган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирланишлари мумкин.

2-модда.

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, Ўзбекистон Республикасининг орденлари, медаллари, фахрий унвонлари ва Фахрий ёрлиғи давлат мукофотлари ҳисобланади.

3-модда.

Давлат мукофотлари Олий Мажлис томонидан таъсис этилади.

Давлат мукофотларига доир низомлар ва уларнинг тавсифлари Олий Мажлис томонидан тасдиқланади.

4-модда.

Давлат мукофотлари билан Ўзбекистон Республикасининг Президенти тақдирлайди.

Ўзбекистон Республикасининг Президентини давлат мукофотлари билан тақдирлаш Олий Мажлис томонидан амалга оширилади.

5-модда.

Давлат мукофотлари гувоҳномаларининг намуналари, давлат мукофотларига тақдим этиш ва уларни топшириш тартиби Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан тасдиқланади.

6-модда.

Ўзбекистон Республикасининг Президентига давлат мукофотлари билан тақдирлашга доир тақдимнома Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси Спикери, Олий Мажлиснинг Сенати Раиси, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд Раиси, Олий суд Раиси, Олий хўжалик суди Раиси, Бош прокурор, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари, вазирликлар, идоралар ва жамоат бирлашмалари республика органларининг раҳбарлари томонидан киритилади. Чет эл фуқароларини тақдирлашга доир тақдимнома Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги билан келишилган ҳолда киритилади.

7-модда.

Бир шахс айни бир орден, медаль ёки Фахрий ёрлиқ билан, қоида тариқасида, бир марта тақдирланади.

Фахрий унвонлар такроран берилмайди.

Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотлари билан тақдирлаш шахснинг вафотидан кейин ҳам амалга оширилиши мумкин.

8-модда.

Фуқаролар навбатдаги мукофотга аввал мукофот билан тақдирланган вақтидан кейин камида уч йил ўтгач тақдим этиладилар. Фавқулодда ҳолларда фуқаролар навбатдаги мукофотга аввал тақдирланган вақтидан қатъи назар тақдим этилишлари мумкин.

9-модда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат мукофотлари билан тақдирлаш тўғрисидаги фармонлари оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

10-модда.

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони олий даражадаги мукофот бўлиб, фақат бир марта берилади.

«Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан тақдирланган шахсларга «Олтин Юлдуз» медали ва унвон берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат топширилади.

11-модда.

Ўзбекистон Республикаси орденлари қуйидагилардан иборат:

«Мустақиллик» ордени;

«Амир Темур» ордени;

«Жалолиддин Мангуберди» ордени;

«Буюк хизматлари учун» ордени;

«Эл-юрт ҳурмати» ордени;

«Фидокорона хизматлари учун» ордени;

«Меҳнат шуҳрати» ордени;

I ва II даражали «Соғлом авлод учун»ордени;

I ва II даражали «Шон-шараф» ордени;

«Дўстлик» ордени».

 «Мардлик» ордени.

12-модда.

Ўзбекистон Республикасининг медаллари қуйидагилардан иборат:

«Олтин Юлдуз» медали;

«Жасорат» медали;

Олдинги таҳрирга қаранг.

«Содиқ хизматлари учун» медали;

 «Шуҳрат» медали.

13-модда.

Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари берилган шахсларга белгиланган намунадаги кўкрак нишони ва унвон берилганлиги тўғрисидаги ҳужжат топширилади.

14-модда.

Орденлар, медаллар ва бошқа мукофотларнинг нишонларини тақиб юриш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади..

15-модда.

Давлат мукофотлари билан фуқаролар билан бир қаторда айрим ҳолларда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, жамоат бирлашмалари, ижодий жамоалар ва ҳарбий бўлинмалар, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий бирликлари ҳам мукофотланиши мумкин.

16-модда.

Давлат мукофотлари («Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, Ўзбекистон Республикасининг орденлари, медаллари ва Фахрий ёрлиғи) билан тақдирланган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлардан фойдаланадилар ҳамда бир марта бериладиган пул мукофоти ёки шу қийматдаги эсдалик совғасини оладилар. Ўзбекистон Республикасининг фахрий унвонлари билан тақдирланган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда ва тартибда ҳар ойда пул нафақалари оладилар.

17-модда.

Давлат мукофотлари билан тақдирланган шахслар мукофотлар сақланишини таъминлашлари лозим.

Давлат мукофотлари, шунингдек уларга доир ҳужжатлар йўқолган тақдирда, тақдирланганлар мукофотларга нисбатан ўз ҳуқуқларини сақлаб қоладилар.

Давлат мукофотлари танг аҳволга тушиш натижасида йўқотилган тақдирда истисно тариқасида орденлар, медаллар ва кўкрак нишонларининг аслига тенг нусхалари берилиши мумкин.

Мукофот билан тақдирланганлик тўғрисидаги ҳужжатлар, шунингдек Фахрий ёрлиқ йўқолган тақдирда уларнинг аслига тенг нусхалари белгиланган тартибда берилади.

18-модда.

Давлат мукофотларидан:

шахс оғир жиноят содир этгани учун ҳукм қилинганида — суднинг қонун ҳужжатларида белгиланган асослар ва тартибдаги тақдимномасига биноан;

шахс ўз шаънини бадном этувчи хатти-ҳаракатлар содир этганида — тақдирлаш тўғрисида тақдимнома киритиш ҳуқуқига эга бўлган органнинг тақдимномасига биноан маҳрум этилади.

Давлат мукофотларидан маҳрум бўлганлик, белгиланган имтиёзлардан ҳам маҳрум қилинишига сабаб бўлади.

Давлат мукофотларидан маҳрум этилган шахсга қарашли давлат мукофоти ва мукофотга доир ҳужжат қайтарилиши лозим.

19-модда.

Ноқонуний ҳукм қилинган ва тўла оқланган фуқароларнинг давлат мукофотларига нисбатан ҳуқуқлари тегишли органларнинг илтимосномасига биноан Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан тикланиши мумкин.

20-модда.

Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ўзларига қарашли бўлган давлат мукофотлари ва уларга доир ҳужжатларни ўзлари билан олиб кетиш ҳуқуқига эгадирлар.

Таркибида қимматбаҳо металлар бўлган давлат мукофотларини олиб чиқиб кетиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгилаб берилади.

21-модда.

Орден, медаль, фахрий унвонга доир кўкрак нишонини ноқонуний равишда тақиб юриш, сотиб олиш, сотиш, алмашиш ёки ўзга тарзда ҳақ эвазига бировга бериш қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

22-модда.

Ташқи кўриниши давлат мукофотларига ўхшаш бўлган кўкрак нишонларини таъсис этиш ва тайёрлаш тақиқланади.

 

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

Тошкент ш.,

1995 йил 22 декабрь,

 

176-I-сон

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.