Ногиронлар ҳуқуқи ҳимояда
Ногиронлар ҳуқуқи ҳимояда
Ер юзининг барча мамлакатларида ногиронлар, уларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоялаш масалалари давлат ва жамиятнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Ногиронликнинг келиб чиқиш сабаблари турлича бўлиб, улар ҳар бир мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий шароитлари ва давлатнинг ўз фуқаролари фаровон турмушини таъминлаш борасида амалга ошираётган чоралари билан боғлиқдир.
Уларга нисбатан ғамхўрлик ва мурувват кўрсатиш уларни муассасаларда парваришлаш билан намоён бўлади, шунингдек, ногиронларни қайта реабилитация қилиш ва ўқитиб, касбга ўргатиш ҳам муҳим аҳамият касб этди. Таълим орқали ногиронлар ўзларига нисбатан бўлган сиёсатга фаол таъсир кўрсатиш имконига эга бўлишди.
Мустақил диёримизда имконияти чекланган шахс¬ларнинг манфаатлари ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган бир қанча ҳуқуқий ҳужжатларда ўз аксини топади. "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонун бунга яққол мисолдир. Ушбу қонуннинг асосий мақсади ногиронларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг камситилишига йўл қўймаслик, шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, ҳуқуқлари ва улар учун имкониятлар тенглигини таъминлашдан иборат.
Бу борадаги яна бир муҳим ҳуқуқий ҳужжат — "Аҳолини иш билан таъминлаш ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ташкилотларга нисбатан молиявий санкциялар қўллаш, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун ташкилотлар фаолиятини тўхтатиб қўйиш тартиби тўғрисида"ги Низом ҳисобланади. Низом 2011 йил 5 январь куни қабул қилинган бўлиб, ногиронларни меҳнатга ва иш билан таъминланишига бўлган ҳуқуқларини белгилаб беради.
Ҳозирги кунда республикамизда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ногиронларнинг демократик ва фуқаровий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишида муҳим яратувчанлик ролини ўйнамоқда.
Нодавлат ташкилотлар ва давлат органлари ўртасида ижтимоий шериклик мамлакат ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Шу ўринда айтиш керакки, давлат идоралари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишларни яқинда қабул қилинган "Ижтимоий шериклик тўғрисида"ги Қонун янада мустаҳкамлади. Бу меъёрий ҳужжат давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлиги ногиронларнинг ижтимоий фаоллигини оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.