Оилавий тадбиркорлик кафолати
Президентимизнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида "Кичик бизнес ва тадбиркорликни кенгайтириш учун бизнеснинг янги ташкилий-ҳуқуқий шакли сифатида оилавий бизнесни қонуний белгилаб қўйиш вақти келди", деб алоҳида таъкидланган. Концепцияда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, 2012 йилнинг 26 апрелида Ўзбекистон Республикасининг "Оилавий тадбиркорлик тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди.
Қонуннинг 3-моддаси билан, оилавий тадбиркорлик оила аъзолари томонидан таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад олиш мақсадида амалга ошириладиган ташаббускорлик фаолияти эканлиги, у ўз ишти¬рокчиларининг ихтиёрийлигига асосланиши, юридик шахс ташкил этган ёки ташкил этмаган ҳолда амалга оширилиши мумкинлиги белгилаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 25 декабрдаги ПҚ-2099-сонли қарорига асосан тегишли норматив ҳужжатларга ўзгартириш киритилиб, юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш такомиллаштирилди.
Хусусан, юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш учун оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш кўрувчи жисмоний шахс томонидан ўз яшаш жойидаги туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциясига келган ҳолда, почта алоқаси ёки интернет тармоғи орқали белгиланган шакл бўйича давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида ариза-хабарнома такдим этилади. Давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги ариза-хабарномага юридик шахс бўл
маган оилавий тадбиркорлик шаклида фаолиятни амалга оширувчи оила аъзоларининг 3x4 см. ўлчамдаги иккита фотосурати, давлат божининг белгиланган миқдори тўланганлиги ҳақидаги банк тўлов ҳужжати, икки нусхада муҳр ва штамп эскизлари (юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркорлик субъектининг хоҳишига кўра), паспортлар нусхалари ва юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркорлик шаклида фаолиятни амалга оширувчи оила аъзоларининг қариндошлик даражасини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар илова қилинади.
Шунингдек, юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш кўрувчи якка тартибдаги тадбиркор давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида унга берилган гувоҳномада кўрсатилган юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркорлик субъекти қатнашчилари таркиби ўзгарган тақдирда ўн кун муддатда бу ҳақда рўйхатдан ўтказувчи органни ёзма равишда хабардор қилиши шарт. Рўйхатдан ўтказувчи орган хабарнома олинган пайтдан бошлаб икки кун муддатда ушбу ўзгаришлар тўғрисида давлат солиқ хизмати органларига хабар қилади, тегишли давлат реестрларига ўзгартиришлар киритади, давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги янги гувоҳномани расмийлаштиради, тадбиркорлик субъектини хабардор қилади ва унга давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномани беради. Давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида янги гувоҳномани беришда энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида тўлов ундирилади. Бунда давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисида олдин берилган гувоҳнома рўйхатдан ўтказувчи органга қайтарилиши ва йўқ қилиниши керак.
Бир сўз билан айтганда, норматив ҳужжатларга киритилган ушбу ўзгартиришлар мамлакатимизда тадбиркорликнинг янада ривожланишига, юридик шахс бўлмаган оилавий тадбиркорлик субъекти номидан иш кўрувчи якка тартибдаги тадбиркорнинг оила аъзолари учун янги иш жойларининг яратилишига хизмат қилади.

Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER  тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.

МАВЗУГА ДОИР ЎХШАШ МАҚОЛАЛАР