Борлиққа сепини ёйган кўклам ўзи билан бирга энг гўзал байрамларни ҳам олиб келди. Бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг тарзда нишонланган Наврўзи олам сайиллари таассуротлари ҳар бир юртдошимиз учун унутилмас бўлди. Айниқса, "кўкка етказганига шукр", дея дуога қўл очган отахону онахонларимиз юз-кўзларида шукроналик акс этгани, болажонларимиз қувноқ қийқириғи, шодлик тараннуми бу юртга байрамлар ярашишини яна бир карра исботлади.
Навоий шаҳри. Байрамона безатилган Алишер Навоий номидаги марказий маданият ва истироҳат боғидаги карнай-сурнай садолари эрта тонгдан халқни сайилга чорлади. Ўша куни боғ одамлар билан янада файзли бўлди. Сайилда халқимизнинг тарихи, маданияти, урф-одат ва анъаналарини акс эттирган айвонлар, йўлак бўйлаб каштадўзу чеварларнинг миллий либослари, ҳунармандчилик намуналари намойиш этилди.
— Наврўз ҳар бир инсон самимий ниятларини юзага чиқарадиган қутлуғ кун эканини намоён этади, — дейди ҳунарманд Моҳира Шарипова. — Наврўз меҳр-оқибат, саховат ва эзгулик рамзи ҳисобланади. Бир пайтлар уста ва ҳунармандларнинг ўзи яратган буюмларни сотиш, намойиш этишда турли тўсиқларга учраган бўлса, бугун ҳар бир туман ва шаҳарларда ҳунармандлар марказлари, бозорлар ва савдо мажмуаларида ҳамда сайилларда махсус савдо расталари ташкил этилаётганлиги ҳунармандларни хушнуд қилмоқда.
Лапару қўшиқлар, халқ термалари, фольклор жамоаларининг куй-қўшиқлари, танлов ва мусобақалар барчага яхши кайфият бағишлади.
Кармана. Халқ сайиллари ҳар қачонгидан ўзгача руҳда ташкил этилди. Ҳар бир маҳалла, ташкилотларда байрам дастурхонлари ёзилиб, палов тарқатилди. Кўчаларни тўлдирган ёшу кекса баҳорнинг эзгу байрами баҳона бир-бирларига эзгу тилаклар изҳор қилишди. Тумандаги "Ёшлик" ўйингоҳида карманаликлар байрам сайлини хурсандчилик билан нишонлашди. Миллий ўйинлар баҳси, сумалак тановули, ёлғиз қариялар ҳолидан хабар олиб, совғалар улашиш, ҳунармандчилик ва расмлар кўргазмаси Наврўзнинг меҳр-оқибат, эзгулик айёми эканлигидан далолат берди.
— Маҳалламизда ҳам завқу шавқ билан байрамни кутиб олдик, — дейди мамнунлик билан "Деҳқон" МФЙ раиси Нурали Тошев. — МФЙ биноси атрофида 16 туп ёнғоқ кўчати ўтқаздик. Маҳалламиз янада обод бўлиб, чирой очди. Ҳудудимизда икки мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шу куни уларнинг барчаси сайилга отланишди. Ҳар бир жойда шодлик, шукрона, эзгу ниятларни кўриб, хурсанд бўлдим.
Конимех. Қадимий байрам улкан шодиёна билан нишонланди. Айём кунлари туманнинг олис ва чекка чўл ҳудудлари — "Учтепа", "Баймурат", "Янгиқазған"да "қора уй" — ўтовлар тикилиб, сайилга чиққан аҳоли билан гавжум бўлди. Ўтовлар ёнида миллийлигимиз акс этган кўргазмалар, турли спорт ўйинлари уюштирилди. Пойтахтдан келган санъаткорларнинг Ватанни, гўзал кўкламни мадҳ этувчи тароналари йиғилганларга бир олам завқ улашди.
— Бундай дориламон кунларга етганимдан бошим осмонда, — дейди уруш қатнашчиси, 90 ёшли Анвар Валишен. — Юртимизда қандай чиройли тўй-тантана бўлаяпти.Ҳамма хурсанд, шод. Илгарилари бундай тинч, бахтли кунлар қаёқда эди. Шукр,Ўзбекистонимизга бутун дунё ҳавас қилмоқда бугун. Мени қутлаб, ўқувчилар келишди. Тинчлигимизга кўз тегмасин, илоҳим!
Учқудуқ. Наврўз халқ сайлида кўплаб аҳоли иштирок этди. Туман марказидаги "Орзу" маданият ва истироҳат боғи тонг саҳардан янги орзу ва мақсадлар билан яшаётган учқудуқликларни ўз бағрига чорлади. Бу ерда ташкил этилган турли тадбирлар ва мусобақалар, куй-қўшиқлар йиғилганларга сўнмас таассурот ҳадя этди. Олтита овул фуқаролар йиғинида байрам тантаналари ана шундай хурсанчилик билан нишонланди. Туман марказидан икки юз километр узоқликда жойлашган энг олис ҳудуд — "Авангард" ОФЙда ҳам сайил шаҳару қишлоқдан қолишмаган тарзда катта қувонч билан ўтказилди.
— Наврўз халқларимиз ўртасидаги меҳрни маҳкамроқ боғламоқда, — дейди Абдулло бобо Куренбаев. — Қайси миллат вакили бўлмасин, бир мақсад билан юрт тўйида қатнашмоқда. Бу бахтли кунларимиз умрбоқий бўлсин. Наврўз ризқ-рўз, барака келтирсин!
Байрам кунлари эзгу ният ва тилаклар ҳар бир юртдошимиз қалбини тўлдирди. Наврўзи олам шукуҳи ҳамон юртимиз бўйлаб кезмоқда.
Хатирчи. Яшилликка бурканган қир-адирларда кўклам элчиси бўлган бинафшаю чучмомалар қўшиқ куйлай бошлади. Пурвиқор тоғлар бағридан шиддат билан оқиб келаётган сой асов отдек пишқирганча пастликка шошар. Наврўзни интиқлик билан кутган олтинсойликлар эрта тонгдан кекса отахону онахонларнинг дуоси ва муборак айём шарофати билан "Пўлкан шоир" ёдгорлик мажмуаси атрофига тўпландилар.
Лангар тоғининг тўшига туташиб кетган адирликлар бағрига ўрнатилган ўчоқларга ўт ёқилиб, дошқозонлар осилди. Дастурхонларга сумалаклар тортилиб, кўклам таомлари ва пишириқлари билан безатилди. Айтишувлар, ёр-ёру лапарлар майсаларнинг ифори билан бекинмачоқ ўйнайди. Қиши билан куч тўплаб, кўкка етган қўчқорлар аёвсиз шох ташлашади, патларини ҳурпайтирган хўрозлар пайт пойлайди. Арқон тортаётган ёш-ялангларнинг овозлари даврада бел олишаётган курашчиларнинг "Ё Али", деган ҳайқириғига қоришиб кетади.
— Наврўзни халқ сайли сифатида юқори савияда ўтказиш мақсадида тарғибот-ташвиқот гуруҳлари билан иштирок этиб келаяпмиз. Бу йилги байрам қадриятларимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримиз билан янада бойитилиб, ҳақиқий сайилга айланди. Пойтахтдан келган меҳмонлар, вилоят бош имом-хатиби, санъаткорлардан таркиб топган гуруҳ туманнинг олис "Ангидон", "Мирдош" маҳаллаларида ўтган халқ сайилларида ҳам қатнашди. Халқимизнинг кайфияти жуда яхши, уларнинг гап-сўзларида яхшиликка, эзгуликка интилиш, Ватан равнақи, эл осойишталиги йўлида фидойи эканликлари яққол сезилиб турди, — дейди вилоят маънавият тарғибот бўлими раҳбари У. Сафаров.
Қизилтепа. Туманнинг марказий истироҳат боғида ташкил этилган байрам сайлига бутун аҳоли ташриф буюрди, десак, янглишмаймиз. Миллий ҳунармандчилик намуналари кўргазмаси, миллий кийимлар, таомлар намойиши тадбирга ўзгача файз киритди. Ташкил этилган миллий ўйинларда эса қизилтепаликларнинг қанчалик чаққон, эпчил ва зукко эканликлари кўринди. Айниқса, хонанда Абдурашид Йўлдошевнинг дилтортар қўшиқлари ва иқтидорли, истеъдодли ёшларнинг ижод намуналари сайилга ташриф буюрганларнинг эътибори, меҳрини қозонди.
Шунингдек, байрам сайли туманнинг барча ҳудудларида ташкил этилиб, аҳоли учун ёзилган дастурхонга сумалак, ҳалиса, палов каби миллий таомлар тортилди. Уруш фахрийлари ва ногиронларнинг ҳолидан хабар олиниб, эҳтиёжманд оилаларга байрам совғалари тарқатилди.
Навбаҳор. Туманда баҳор байрами юқори савияда ўтказилди. Барча маҳаллаларда байрам сайиллари ташкил этилиб, аҳолига байрамона таомлар улашилди. Айниқса, ёши улуғлар табиат қўйнидаги бундай тўй-тантанани кўриб, хурсандчилик ва ҳаяжонларини қалбларига сиғдира олмадилар.
— Саховат байрами бўлган Наврўз азалдан элимизнинг ўзига хослигини намоён қилиб келган, — дейди сайил иштирокчиси Умр Мардонов. — Мен байрамга невараларимни ҳам олиб келдим. Уларнинг бахтиёрлигини кўриб, тўғриси, кўзимда ёш айланди. Ёшлар учун бу хурсандчилик айёми, биз кексаларнинг эса орзуларимиз рўёбга чиққан кундир.
Ҳа, бу йилги Наврўз байрамининг сайиллар кўринишида нишонланиши "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да бажарилиши лозим бўлган ишларнинг амалий ифодаси бўлди.
Томди. Ширкат хўжаликлари ва корхона, ташкилотлар томонидан ҳудудда жами 11 та ўтов тикилиб, ёши улуғларга алоҳида байрам дастурхони ёзилди. Улар учун қозоқ миллий таоми бўлган бешбармоқ пиширилиб, дастурхон устида қариялар билан бевосита мулоқот қилинди. Иштирокчилар кундалик ҳаётларида учрайдиган қизиқарли воқеалар, шунингдек, дориламон кунлар шукуҳи ҳақида суҳбатлар қуришиб, бир-бирларига хурсандчилик улашди.
Қозоқ халқининг миллий урф-одатларидан бири бўлган "Алти бақан" намойиши барчага бирдек хуш ёқди. Яъни, арғимчоқ атрофида миллий чолғу асбобларидан таралаётган куй-наволарга унинг икки бурчагида ўтирган йигит-қизнинг оҳангларга мос равишда тебраниши йиғилганларга ўзгача кайфият бахш этди. Шунингдек, корхона, ташкилот, ширкат хўжаликлари фаоллари иштирокида "Ан-би" танлови ўтказилиб, улар куй-қўшиқ ва рақс борасида қандай маҳоратга эга эканликларини кўрсатишди.
Манба:Dustlikbayrogi.uz
Агарда Сиз мақолада хатони учратган бўлсангиз, унда хато матнни белгилаб, CTRL + ENTER тугмасини босинг ва сайт маъмурига хабарнома жўнатинг.